4-9 апрель кунлари “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мазмунидаги тарғибот тадбирлари Жиззах вилоятидаги таълим муассасаларида ўтказилади. Бу ҳақда Ёшлар маданият ва санъат маркази матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тарғибот тадбирларининг биринчи куни Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри, Арнасой, Бахмал, Дўстлик, Ғаллаорол туманларидаги 49 та умумтаълим мактабида, “Меҳрибонлик уйи”, 18 та касб-ҳунар коллежи ва 4 та академик лицей, олий ўқув юртлари ҳамда маданият ва аҳоли дам олиш марказида юқори савияда ўтказилди.

Мазкур тадбирларда 75 нафардан зиёд таниқли санъаткор ва эстрада хонандалари, кино ва театр актёрлари, шоир ва ёзувчилар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари иштирок этиб, уларда жами 20 минг нафарга яқин талаба ёшлар иштирок этди.

Шунингдек, ўтказилаётган тадбирлар давомида жойлардаги таълим муассасаларида юртимизда мустақилликкача бўлган давр ҳамда мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотларни акс эттирувчи “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” номли фотокўргазмалар, видеороликлар, ёшларни ватанпарварликка ундовчи, тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асрашга даъват этувчи, ғаразли ғоялар ва турли кучларнинг жинояткорона ҳаракатларни фош этувчи “Гумроҳлар”, “Сотқин”, “Балли Камолиддин!”, “Шунқорлар” каби бадиий фильмлар, “Ким эдигу ким бўлдик” мавзусидаги ролик Жиззах шаҳри, Арнасой, Бахмал, Дўстлик, Ғаллаорол туманларидаги умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейлар ва “Меҳрибонлик уйи»да намойиш этилди.

Жиззах вилоятидаги тарғибот тадбирлари 9 апрелга қадар давом этади.