Мехиконинг жамоат транспорти деярли 3 ойга бепул бўлади

Жаҳон 05 Апрель 2016 457

Мексика пойтахти ҳукумати душанба куни шу йилнинг 5 апрелидан 30 июнига қадар шаҳар жамоат транспортининг катта қисми бепул ишлаш режимига ўтишини эълон қилди.

Мехиконинг Транспорт вазири Эктор Серранонинг маълум қилишича, бундай янги тартиб шаҳардаги автобуслар, троллейбуслар ва енгил ерусти поездлари тизимига тааллуқли.

Бундан ташқари, йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи кўплаб хусусий транспорт компаниялари ҳам вақтинчалик нархларни пасайтиришга рози бўлишди, таксилар ҳам ўз хизматлари баҳосини 50 фоизга камайтиришди.

Бундай чора-тадбирлар Мехикода 5 апрелдан кучга кирадиган тартиб - юзага келган экологик муаммолар туфайли шахсий автомобиллардан фойдаланишни чегаралаш билан боғлиқ. 30 июнга қадар шаҳарда ҳафтада бир марта хусусий автомобиллардан фойдаланиш ман этилади. Чегаралаш барча машиналарга уларнинг экологик текшируви натижалари қандайлигидан қатъи назар бирдек тегишлидир.

Март ойининг ўрталарида Мехикода озон қатламининг ўта юқори концентрацияси сабаб 14 йил ичида биринчи марта фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш қўмитасининг маълумотига кўра, озон концентрациясининг даражаси 203 пунктга етди. Охирги марта бундай юқори кўрсаткич 2002 йилнинг сентябрида қайд этилган эди (242 пункт).

Кўпроқ янгиликлар