Коррупция кўламига оид Panama Papers («Панама ҳужжатлари») журналистик текшируви натижалари, дунёдаги ҳақиқий вазиятни ва сўз эркинлиги қийматини намоён этади, деб ёзмоқда Die Welt нашри. 

Нашрнинг қайд этишича, авваллари эълон қилинган айрим хабарлар янги маълумотлар соясида қолиб кетган.

Ҳужжатлар нафақат сохта фирмалар ташкил этишга ихтисослашган Mossack Fonseca юридик фирмасини фош этади, балки кўплаб мамлакатлар ҳукумат аъзоларининг Панама, Виржин ва Сейшель ороллари қонунчилигидаги мавжуд яширин имкониятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишларини исботлаб беради.

«Панама ҳужжатлари» шуни кўрсатадики, сиёсий тузумлар, ўз манфаатлари учун ҳаракат қилаётган бир гуруҳ намоёндалар қўлидадир. Охирги 25 йил давомида, ўз мамлакатларида молиявий назоратдан қочиш ва бойликларини яширишлари учун уларга кўплаб имкониятлар яратилган.

Нашрнинг ёзишича, «Панама ҳужжатлари»да номлари зикр этилган айрим машҳур кишилар, молиявий муассасаларни ўзларининг тадбиркорлик фаолиятидан огоҳ этган бўлишлари мумкин.

«Нима бўлганда ҳам, улар тез орада қатор саволларга жавоб беришларига тўғри келади. Жиддий журналистик суриштирувлар танқислиги даврида, ушбу маълумотларнинг ошкор бўлиши, соғлом ва эркин матбуот нақадар кераклигини кўрсатади», деб хулоса қилади Die Welt.

Бундан аввал, Панама прокуратураси офшорлар тўғрисидаги ахборотлар пайдо бўлгач, тергов ишларини бошлаб юборгани хабар қилинган эди.

2016 йил 3 апрель якшанба куни OCCRP жаҳон давлатлари етакчилари, сиёсатчилари, спортчи ва маданият арбобларининг офшор битимларига алоқасини фош этувчи кенг миқёсли суриштурув натижаларини эълон қилган эди.