Панама бош прокуратураси журналистларнинг офшор тармоғи ҳақидаги мақоласидан кейин тергов бошламоқда, деб хабар бермоқда Sky News нашри.

"Маҳаллий ва халқаро ОАВларда "Панама ҳужжатлари" номи билан таърифланган фактлар жиноий тергов объекти бўлади", дейилмоқда бош прокуратура хабарида.

Аввалроқ Франция, Ҳиндистон, Буюк Британия, Австрия, Нидерландия бу мақола бўйича ўз терговини бошлашга тайёрлигини маълум қилганди. Исландия аҳолиси офшор туфайли мамлакат бош вазирининг истеъфога кетишини талаб қилиб намойишларга чиқди. Ўз навбатида Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремлда бундай мақолаларга жавоб беришга зарурат йўқлигини айтди.

3 апрелда OCCRP дунё етакчилари, сиёсатчилар, спортчилар ва маданият арбобларининг офшор битимларига алоқадорлиги ҳақида катта кўламдаги терговни чоп этди. Рўйхатда Россия президенти Владимир Путин, унинг матбуот котиби Дмитрий Песков, Россия иқтисодий ривожланиш вазири Алексей Улюкаев, Украина президенти Пётр Порошенко, Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон, Исландия бош вазири Сигмюндюр Гюннлейгссон ҳамда актёр Жеки Чан, футболчи Лионель Месси ва бошқаларнинг номлари тилга олинган.

"Панама ҳужжатлари" устида бир йил давомида Журналистик суриштирувлар халқаро консорциуми (ICIJ), Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш маркази (OCCRP) ва бутун дунёдан 107 та ОАВнинг бир неча юз журналистлари иш олиб бордилар. Журналистларда бу маълумотлар Mossack Fonseca юридик фирмасидан маълумотлар чиқиб кетиши натижасида пайдо бўлди.

ICIJ директори ушбу можаро ҳақида "бу Россия ҳақида эмас, балки офшор дунёси ҳақидаги воқеа бўлди", деб айтди.