Россия президенти Владимир Путин Миллий гвардия ташкил этилишини эълон қилди. Бу гвардия Россия ички ишлар вазирлиги Ички қўшинлари негизида шакллантирилади. Путиннинг айтишича, Миллий гвардия террорчилик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашади ҳамда "ОМОН, СОБР ва бошқа тузилмалар бажарган вазифаларни бажаришни давом эттиради".

Путин Федерал миграция хизматини (ФМХ) ва Наркотиклар айланмасини назорат қилиш федерал хизматини (НАНҚФХ) Россия ички ишлар вазирлигига бўйсундирилишини маълум қилди.

Путин ҳуқуқ-тартибот муассасаларидаги ислоҳотларни ички ишлар вазири Владимир Колокольцев, НАНҚФХ бошлиғи Виктор Иванов, ички ишлар вазирлиги ички қўшинлари қўмондони Виктор Золотов ва ФМХ бошлиғи ўринбосари Екатерина Егорова билан учрашувда эълон қилди.