ESforce ташкилоти жаҳондаги энг йирик киберстадионлардан бирини шу йилнинг кузида фойдаланишга топширади. Алишер Усмонов ва дўстларининг USM холдинги ESforce ташкилотининг сармоядори ҳисобланади.

5 минг квадрат метр майдонга эга арена қурилиши учун 5 миллион доллардан кўпроқ маблағ сарфлаш режалаштирилган.

ESforce Holding (авв.номи—Virtus.pro Group) компанияси 2016 йил октябрида Москвада киберспорт соҳасида йирик арена очишни режалаштираётгани тўғрисида РБК агентлигига компания вакили маълум қилди. «Тимирязевская» метроси яқинида қурилаётган арена, майдони жиҳатидан жаҳонда энг йириги бўлишга даъво қилиши мумкин. ESforce вакилининг сўзларига кўра, АҚШдаги энг йирик киберспорт аренаси— Esports Arena`нинг майдони 1,4 минг кв. метрга яқин бўлса, MLG.tv Columbus Arena`нинг умумий майдони ундан ҳам кичик 1,3 минг кв. метрни ташкил этади.

"Алишер Усмонов ва дўстларининг USM холдинги, 2015 йил кузида, киберспорт соҳасида Россиянинг Virtus.pro жамияти ривожига 100 миллион долларга яқин сармоя киритган эди", деб ёдга олади РБК агентлиги.

Ўшанда, Virtus.pro`нинг шерикликдаги эгаси ва бошқарувчи директори Антон Черепенников, USM маблағлари янги мусобақалар, уларни ёритиш учун медиаканаллари ташкил этиш ва киберспорт ареналари қурилишига жалб этилишини айтганди.

Москвада барпо этилаётган стадионнинг ишчи номи— Arena Moscow бўлиб, унинг якуний номи Yota бренди билан боғлиқ бўлиши айтилмоқда. Esforce вакили сармоя миқдорини келтирган бўлсада, сарф-харажатлар қачон ўзини оқлашига ойдинлик киритмаган.

2015 йилги киберспорт бозори 612 миллион долларни ташкил этган, уларнинг мукофот жамғармаси 42 миллион долларга етган. Компьютер мусобақалари аудиторияси эса, 2013 йилги 70 миллиондан 2015 йилда 130 миллион кишидан ортиб кетган. SuperData Research тадқиқотчиларининг фикрича, 2018 йилга келиб, мазкур соҳа қиймати 1,9 млрд долларга етади. Айтиш жоизки, USM холдинги соҳа ривожига сармоя киритаётган ягона компания эмас.

Россиялик тадбиркор Юрий Мильнер шу соҳага пул тикканлардан биридир. У, 2015 йил августида Vainglory мобил ўйини каби бир нечта ўйинларни ишлаб чиққан Super Evil Mega Corp. компанияси сармоядорларидан бирига айланди. Ушбу компанияга киритилган илк транш CrunchBase маълумотларига кўра, 26 миллион долларни ташкил этган. 2014 йилда эса, World of Tanks ўйинини ишлаб чиқарган Wargaming компанияси, видеоўйинларни сақлаш ва бошқа ўйинчиларга ҳавола қилиш имконини берувчи Kamcord лойиҳасига сармоя киритганди. Kamcordга пул тикканлар орасида, Mail.Ru Group акционерларидан бири – Хитойнинг Tencent холдинги ва Япониянинг GungHo Online Entertainment нашри ҳам бор эди. Сармояларнинг умумий миқдори 15 миллион долларни ташкил этганди.

ESforce киберспорт соҳасида Россиянинг етакчи компанияси

Киберспортнинг ҳам енгил атлетика сингари турлари кўп. Уларнинг орасида энг машҳурлари League of Legends, World of Tanks, DoTA2, CS: GO, Hearthstone, SC2 ҳисобланади, деб, Wargaming.net нинг eSports-МДҲ бўлими раҳбари Алексей Корнышев сўзларидан иқтибос келтиради РБК ахборот агентлиги. Онлайн ўйинлар ишлаб чиқарувчи ҳар бир компания ўз аудиториясига эга, улар бир-бирини такрорламайди.
«Бу ерда ҳам, оддий спортдаги каби қоидалар амал қилади, фигурали учиш мухлислари хоккей томоша қилишга бормаганлари каби, World of Tanks ишқибозлари League of Legends мусобақаларига эътибор бермасликлари аниқ», — дейди Корнышев.

Россия компьютер спорти етакчиси ESforce Holding компанияси эса, дунёнинг йирик киберспорт ташкилотларидан бири саналади. Холдинг Epic Esports Events оператори воситасида халқаро ва маҳаллий киберспорт мусобақаларини ташкил этади. Шунингдек, киберспорт ташвиқоти ва рекламаси билан шуғулланади(Virtus.pro ва Na'Vi каби етакчи клубларини ташвиқот қилиш ҳуқуқига эга). Бундан ташқари, ушбу соҳага оид маҳсулотлар савдосини амалга оширади.

ESforce 40 миллионга яқин томошабинга эга, 180 дан ортиқ интернет ресурсларига эгалик қилади. Буларнинг бари, Россия ва МДҲ ҳудудида киберспорт шинавандаларининг 80 фоизи ҳамда халқаро томошабинлар аудиториясини қамраб олиш имконини беради, дейилади Esforce ахборотида. Хусусан, холдинг таркибига медиа маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи RuHub ва Storm Studioлар ҳам киради. Уларнинг мижозлари сони 400 млн кишидан ортади. 2016 йилнинг ўзида ESforce ахборот кўнгилочар мазмундаги дастурлар тайёрловчи саккизта янги студия очишни режалаштирган.

2016 йил май ойида эса, ESforce Москва шаҳрида мукофот жамғармаси шарқий Европада энг йирик, 500 минг долларни ташкил этувчи Epicenter халқаро киберспорт мусобақасини ўтказишни режалаштирган. Мусобақа финалида, Швециянинг Alliance, Американинг Evil Geniuses, Европанинг Team Secret ва OG каби жамоалари иштирок этиши кутилмоқда.