Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази 2004 йилда Лола Каримова-Тиллаева томонидан имконияти чекланган болаларга кўмак бериш мақсадида ташкил этилган. Жумладан уларга ташхис қўйиш, ортопедик, неврологик даволаш ҳамда реабилитация соҳаларида ёрдам таклиф этилади. Бу ҳақда “Sputnik Узбекистан” ёзмоқда.

Бу ерда ихтисослашган педагоглар, логопедлар, психологлар, болалар психоневрологи, даволаш гимнастикаси бўйича шифокорлар ва инструкторлар, врач-педиатрлар, ортопед-травматологлар, невропатологлар, фитотерапевтлар, массажчилар, имо-ишора тили бўйича мутахассислар, арт-терапевтлар фаолият юритадилар.

Марказда барча хизматлар бепул тақдим этилади.

Хайрия ишлари билан фаол шуғулланадиган Лола Каримова-Тиллаева Instagram саҳифасида ушбу марказдаги уч қаватли спорт терапевтик бассейни тўғрисида маълумотлар билан бўлишди.

Каримова хориж тажрибаларидан айнан ногирон болаларнинг соғлигини тиклашга мўлжалланган бассейнлар ва уларнинг самарадорлигини диққат билан ўрганганини билдирди. Шундан кейин Ўзбекистонда ҳам шундай бассейн қуришга қарор қилинган.

“Марказимизда 2012 йилдан буён махсус терапевтик бассейн ишга тушганини ва ўз турида Ўрта Осиё бўйича ягона эканини ифтихор билан айта оламан”, — деб ёзади у.

Лола Каримова-Тиллаева нафақат бассейн қурилиши, балки Марказнинг кичик беморлари сузиш билан шуғулланаётганларини суратларини ҳам оммага ҳавола этган.