4 апрель кунидан бошлаб, Туркманистонда “Реклама фаолияти тўғрисидаги” қонун кучга кирди. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, унга кўра, бир қатор реклама фаолиятлари тақиқланади. Қонуннинг тўлиқ матни "Нейтральный Туркменистан" ва "Türkmenistan" нашрларида чоп этилган.

Қонун реклама фаолиятининг ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий асосларини аниқлаб беради. Ушбу хизмат кўрсатилишида юзага келадиган масалаларни мувофиқлаштиради.

Унга кўра, мамлакатда, гипнозчилар, табиблар, экстрасенслар, фолбинлар, мунажжимлар, сеҳргарлар ва шу каби ғайбни билиши ҳамда инсонлар тақдирига таъсир ўтказа олишларини даъво қилувчиларни реклама қилиш тақиқланади.

Бундан ташқари, руҳий ёрдам, мулоқот, дам олиш, массаж, вақтни ёқимли ўтказиш каби жинсий мазмундаги, шунингдек, қиморхона, электрон казино ва интернет-казинолар, пиротехника маҳсулотлари, портловчи моддалар, қурол-аслаҳа ва ҳарбий мақсадларда қўллаш мумкин бўлган анжомлар рекламаси ҳам мумкин эмас.

Шу билан бирга, кўкрак сути ўрнини босувчи деб аталувчи болалар овқатлари ҳамда биологик фаол қўшимчалар реклама қилинмайди. Ихтисослашган махсус тиббий нашрларда уларнинг рекламасига рухсат берилсада, сунъий озиқлантиришнинг устун жиҳатлари сифатида кўрсатиш мумкин эмас.

Дори-дармонлар рекламаси ҳам фақатгина тиббий ходимлар ва фармацевтлар учун мўлжалланган махсус илмий нашрларда амалга оширилади.

Шунингдек, қонунда вояга етмаганларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Реклама қилишда ота-она ва педагог-мураббийлар обрўсига путур етказувчи ҳолатларга йўл қўйилмайди.

Дарсликлар, ўқув қўлланмалар ва ўқув адабиётлари, кундалик дафтарлар, дафтарларда ҳам реклама маҳсулоти бўлмаслиги лозим.

Ушбу қонун бандлари бузилиши, Туркманистон қонунчилигига биноан маъмурий чоралар қўлланишига олиб келади.