Ангола соғлиқни сақлаш вазири Луис Самбонинг маълум қилишича, мамлакатда тарқалган сариқ безгак оқибатида 225 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Рейтер” агентлиги хабар бермоқда.

Март ойи ҳисоб-китоби бўйича қурбонлар сони 158 кишини ташкил этган эди.

Самбонинг маълумотига кўра, касаллик билан чалинганлар рўйхати 1600 нафар кишини ташкил этади. Вазирнинг таъкидлашича, касаллик мамлакатнинг 18 провинциясидан 16 тасига тарқалган.

Сариқ безгак ўткир юқумли касаллик ҳисобланади. Унинг тарқатувчиси чивинлар деб қайд этилган. Касаллик аломатлари деб танадаги юқори ҳарорат, оғиз бўшлиғидан қон келиши, умумий ҳолатнинг оғирлашуви, ошқозон ва ичак касалликларининг пайдо бўлиши, жигар ва буйрак хасталиги характерланган. Касалликка чалинган одам аксари ҳолатда вафот этади.