Элликқалъада Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги кенг нишонланди

Ўзбекистон 06 Апрель 2016 1852

Темурийлар давлатининг буюк асосчиси Темурбек ибн Тарағай ҳаётига назар солсак, у ёшлигиданоқ зўравонликка қарши кураш олиб бориб, жамиятда адолат меъёрларига мувофиқ иш юритиш туйғулари билан ўсган ва камол топган. Маълумки, Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳурмат ва этиборга молик меъросларидан бири унинг сиёсий ва ҳуқуқий қарашлари мажмуйи бўлган “Темур тузиклари” асаридир. Дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган ушбу асарда давлатни идора қилиш усуллари, қўшинни ташкил этиш, турли ҳарбий услублар, сиёсий, ҳуқуқий, ҳарбий ва аҳлоқий ғоялар ва меъёрларни ҳақида сўз боради.

Қонунга асосланган тизимнинг аҳамиятини чуқур англаб олган Амир Темур ҳақли равишда, “Куч адолатдадир” деган олий меъёрни шиор қилиб олган. Буюк инсон ва иқтидорли давлат арбоби Амир Темур ҳақида кўплаб асарлар ёзилганлигига қарамасдан, совет тузими даврида унинг ҳаёт қирралари, сиёсий ва ҳуқуқий қарашлари халқимиздан сир сақланиб келинди. Мустақиллигимиз шарофати билан Амир Темур номи қайта тикланди. Юртбошимиз ташаббуслари билан “Амир Темур” ордени таъсис этилди. Пойтахтимиз Тошкет шахрида Темурийлар давлат музейи барпо қилинган бўлса, Соҳибқиронга атаб ўрнатилган ҳайкаллар Тошкент, Самарқанд, Шахрисабз каби шахарларимиз кўркига зийнат бағишлаб турибди.

Бу йил юртимизда жаҳонга машҳур саркарда ва ўз замонасининг энг қудратли ҳукмдори Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Шу сана муносабат билан бугун Элликқалъа тумани 18-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида катта байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилот ҳодимлари, фахрий устоз ва мураббийлар, тумандаги ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирда туман маданият ва спорт ишлари бўлими ва ёш ижрочилар томонидан Соҳибқирон ҳаётини акс эттирувчи саҳна кўринишлар, Амир Темурнинг дурдона асари “Темур тузиклари”дан парчалар, ушбу даврни ифода этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди. Саҳнада Амир Темур сиймоси ёрқин хислатларга эга, ўткир хотира, зукколик, шижоат ва қатъият, бирсўзлилик, салобатли инсон сифатида яна гавдаланди. Адабиётимиз намоёндалари томонидан Соҳибқиронга атаб битилган назмий ва насрий асарлардан ўқиб эшиттирилди.

Дарҳақиқат, юртимизнинг мустақилликка эришуви, эски мафкура сиқувидан қутилиш, тарихимизни ўрганиш ва тўғри муносабатда бўлиш имконини яратди. Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган бу каби тадбирлар юртимизнинг барча гўшаларида юқори даражада уюшқоқлик билан ташкил этилади. Зеро муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганларидек “Амир Темур – бизнинг шон-шавкатимиз, ғурур ва ифтихоримиздир”.

Дилшодбек Жуманиёзов

Кўпроқ янгиликлар