Қозоғистон президенти матбуот котиби Даврон Абаевнинг айтишича, давлат раҳбари, АҚШ президенти Барак Обамага қозоғистонлик рассом Карипбек Куюков қаламига мансуб "Портлаш" номли суратни ҳадя қилган. Бу ҳақда унинг Facebook’даги саҳифасида эълон қилинган.

Маълумки, Назарбоев 31 март-1 апрель кунлари ядро хавфсизлиги саммитида иштирок этиш учун Вашингтонга борган эди. Саммит доирасида Назарбоев Обама билан учрашган, айни мулоқот чоғида Қозоғистон раҳбари америкалик ҳамкасбига совғасини топширган.

Бундан аввал, 2012 йили Сеулда бўлиб ўтган ядро саммити чоғида ҳам Назарбоев Обамага президентлик сайловлари арафасида қозоқ туморини ҳадя қилганди. Унинг бу галги совғаси эса, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос маънога эга бўлди. Рассом Карипбек Куюков, Халқаро АТОМ лойиҳаси фахрий элчиси, Халқаро ядрога қарши ҳаракат фаоли ҳисобланади.