2016 йилга мўлжалланган сармоя дастурига мувофиқ, "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси умумий сармоя ҳажми 20,6 миллиард долларлик 38 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирган. Компания шу мавзудаги матбуот анжумани ташкил этди, деб хабар беради “Жаҳон” ахборот агентлигига таянган ҳолда review.uz.

Ушбу йил давомида умумий қиймати 624 миллион доллар бўлган тўққизта лойиҳа бўйича ишларни якунлаш ҳамда объектларни ишга тушириш мақсад қилинган.

Мавжуд хомашё захираларидан қимматли компонентларни чиқариб олиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек, ушбу маҳсулотлар экспорт ҳудудини кенгайтириш нефтегаз соҳасининг устувор йўналишларидан биридир.

Айни шу мақсадларда хориж сармоялари, янгидан янги технологиялар ва ускуналар фаол жалб этилмоқда. Сармоя дастури доирасида 2016 йилда хориж сармоялари ҳамда кредитлари иштирокида умумий қиймати 16,3 миллиард долларлик 14 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳаларда қатнашаётган хориж компаниялари қаторида Россия, Корея Республикаси, Хитой, Жанубий Африка мамлакатлари ва бошқа давлатларнинг тегишли соҳа компаниялари бор.

Яна бир муҳим аҳамиятга эга лойиҳалардан бири – замонавий газни қайта ишлаш заводи қурилиши билан биргаликда Қандим конларини ўзлаштириш ҳамда Қўнғирот ҳудудида геологик-разведка ишларини олиб боришдан иборат. 2016 йилда бу ерда 662 миллион доллар хориж сармояларидан фойдаланиш кўзда тутилган.

Айни пайтда Жанубий Кореянинг GS Engineering & Construction Corporation компанияси билан ҳамкорликда полиэтилен ва полипропилен олиш билан бирга табиий газдан олефинлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича йирик лойиҳа устида меҳнат қилинмоқда.