Россия президентининг Афғонистон масаласи бўйича махсус вакили, Россия ТИВнинг Осия бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабуловнинг айтишича, ИШИД ташкилоти Афғонистонни "кейинги экспансиялари учун плацдарм" сифатида танлаган.

"Улар (ИШИД жангарилари) Афғонистонда. Шунчаки, улар ўзларини сездирмасдан панада ҳал қилувчи ҳаракатларга тайёрланишмоқда. Уларда Афғонистондаги толибонларга қарагандан камроқ куч, лекин улар маълум ҳудудларда ўз таъсирини ўрнатган. Лекин бу ҳудуддаги гуруҳлар ўз кучини Афғонистон ҳукумати ва АҚШга қарши курашлар учун сарфлашдан тийилишмоқда. Уларга Афғонистон керак эмас, улар бу ердан навбатдаги ҳаракатлари учун плацдарм сифатида фойдаланишмоқда", дейди Кабулов "Известия" нашрига берган интервьюсида.

У шунингдек, ИШИД толиблар билан музокаралар ўтказишга шошилмаётгани, шу билан бирга жанг қилмоқчи эмаслигини қайд этган.

Афғонистондаги вазият кейинги вақтларда оғирлашмоқда. "Толибон" ўз таъсир доирасини кенгайтириш учун тоғли ҳудудлардан текисликдаги шаҳарлар атрофига яқинлашган. Шунингдек, мамлакат шарқида ИШИДга алоқадор гуруҳлар пайдо бўлган.

"Толибон" ва ИШИД айни вақтда душман ҳисобланади. 2015 йилнинг ёзида "Толибон" ҳаракати раҳбари ИШИДга Афғонистондаги ишларига аралашмасликка чақирилган мактубини йўллаганди. Ўтган вақт ичида икки томоннинг кичик гуруҳлари ўртасида бир неча марта тўқнашувлар содир бўлди.