Чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар бугунги кунда глобал масалалардан бирига айланиб бормоқда, десак янглишмаган бўламиз. Тарихдан хулоса чиқарадиган бўлсак, чиқиндилар нафақат гигиена ва саломатлик масаласида, балки шаҳарсозлик, хатто халқаро алоқаларда ҳам муҳим ўрин тутганига гувоҳ бўламиз. Бугун биз Хитойда чиқинди йиғувчилар қишлоғи, Ганадаги электроника чиқиндихонаси, Ҳиндистондаги кемалар қабристони ҳақида қисқача маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Муниципал даражадаги илк чиқиндихоналар Афинада эрамиздан аввалги 400 йилда ташкил этилган экан. Ўшанда барча чиқиндилар махсус саватга солинар ва кейинчалик шаҳар ташқарисига олиб чиқиб ташланар эди. Қадимий Римда ҳам чиқиндилар шаҳар ташқарисига олиб чиқилган. Бугунги кунда ҳам Рим жанубий-ғарбида чиқиндилардан ташкил этилган сунъий Монте-Тестаччо тепалиги сақланиб қолинган. Бу тепалик ер юзидаги энг қадимий чиқиндихона экани тан олинган.

Тарихчиларнинг фикрча, ўрта асрларда Европа шаҳар кўчаларидаги чиқинди ва ахлатлар оммавий касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган. Вабо эпидемияси кенг тарқалган XV асрга келибгина бир қатор шаҳарларда кўчаларни ахлат ва чиқиндилардан тозалаш масаласи кун тартибига қўйилди. Саноат асрига келиб эса шаҳарларда сув қувурлари пайдо бўлди.

XX асрда технологиялар тараққиёти ва ишлаб чиқариш ривожланиши чиқиндилар таркибининг ўзгаришига сабаб бўлди. Авваллари фақат овқат қолдиқларигина чиқинди сифатида кўрилган бўлса, эндиликда картон, пластик, кимёвий ва тиббий жиҳозларнинг қолдиқлари ҳам чиқинди сифатида кўрила бошланди. Лекин чиқиндиларни йўқ қилиш тартиби ўзгармай қолаверди. Яъни, чиқиндилар кўмиб ташланарди, океанга улоқтириларди ёки ёқиларди. XX асрнинг иккинчи ярмига келибгина экология билан боғлиқ муаммога эътибор қаратила бошланди. 1970 йилнинг 22 апрелида илк бор “Ер куни” ўтказилиб, атроф-муҳит муҳофазаси кун тартибига қўйилди.

Бугунги кунда чиқиндилар билан боғлиқ масала турли мамлакатларда турлича ҳал қилинади. Айрим мамлакатларда хонадон эгалари чиқиндиларни турларга ажратиб, уларни чиқиндихонага ташлашни одат қилган бўлса, Швейцария каби мамлакатларда чиқиндилар қўшни мамлакатлардан импорт қилинади ва заводларда ёқиб юборилади. Маълумки бу мамлакатдаги Иссиқлик электр станциялари айнан чиқиндилар ҳисобига ишлайди. Шу сабабли чиқиндилар аҳолидан сотиб олинади. Заводнинг муттассил ишлаши учун хомашё керак бўлади. Мана шу сабаб маҳаллий аҳоли қўшни Италиядан чиқиндиларни сотиб олишга мажбур бўлади. Учинчи дунё мамлакатларида эса одамлар Европа ва Америкадан инсонпарварлик ёрдамлари ниқоби олиб келинган чиқиндиларни ажратиш билан шуғулланишади.

Японияда чиқиндиларга оид қоидалар маҳаллий муниципалитет томонидан, тўғрироғи маҳаллий ҳукуматларга қарашли заводлар томонидан ишлаб чиқилади. Аҳоли чиқиндиларни турларга ажратган ҳолда чиқиндихоналарга ташлашга мажбур. Бунда чиқинди ёнадиган ва ёнмайдиган турга бўлинади. Шу сабабли ҳам “кун чиқар юрт”да маҳсулотлар нархи ҳам ёнадиган ва ёнмайдиган идишларга солиниши билан фарқ қилади.

Хитой пойтахти Пекинда аҳоли чиқиндиларни қаерга ташлашдан хавотир олмаса ҳам бўлади. Улар эрталаб уйларидан чиққан ахлатларни чиқинди йиғувчиларга пуллашади. Чиқинди йиғувчи эса чиқиндиларни шаҳар четидаги Донг Сяо Коу қишлоғига элтади. Бу қишлоқда чиқиндиларнинг барча тури бўлиб, ишчилар сарагини саракка, пучагини пучакка ажратишади.

Гана пойтахти Аккра яқинида ер юзидаги энг йирик электроника чиқиндихонаси бор. Атлантика океани соҳилидаги Агбошблоши чиқиндихонасига дунёнинг барча бурчакларидан бузуқ компьютерлар, телевизорлар, мониторлар, эски кассетали магнитафонлар, тикув машинкалари, телефон каби маиший техникалар олиб келинади. Кимлар учундир чиқинди бўлган буюмлар мана шу ерда бошқаларни бадавлат инсонларга айлантиради. Ишчилар маиший техникаларни эритиб, ундан алюминь ва мисни ажратиб оладилар ҳамда керакли одамларга топширишади. Шуни тан олиб айтиш керакки, Агбошблоши чиқиндихонасида ишловчиларнинг кўпчилиги заҳарли маҳсулотлар оқибатида келиб чиққан касаллик натижасида вафот этади.

Ҳиндистон шимолий-ғарбидаги Аланг шаҳри кемалар қабристони сифатида тан олинади. Бу ерда минглаб юк ва йўловчи кемаларни учратишингиз мумкин. 20 йиллик фаолияти мобайнида бу ерда бутун дунёдан олиб келинган 6500 дан ортиқ кема бўлакларга бўлинган. Мухбирларнинг айтишича, бир йилда бу ерда ўртача 40 киши кимёвий моддалар ва тасодифий ёнғинлар оқибатида вафот этади.

Мальдивда чиқиндилардан ташкил этилган Тилафуши сунъий ороли мавжуд. 1992 йилдан бошлаб бу ерга мамлакатнинг барча ҳудудларидан бир кунда тонналаб чиқиндилар олиб келинади. Тилафуши денгиз сатҳидан атиги 1 метр баландликда бўлгани боис, кимёвий маҳсулотларнинг океанга тушиши ва экотизимга салбий таъсир кўрсатишидан хавотир олинади.

Чиқиндилардан санъат асарлари яратувчилар ҳам бор. Испаниялик рассом Франческо де Пахаро жаҳон бўйлаб сайр қилар экан, чиқиндилардан кўргазмалар яратмоқда. Франческо шаҳар кўчаларидан топиб олган чиқиндилардан санъат асарлари яратади. Копенгагенда, янги авлод чиқиндихонасининг лойиҳаси ишлаб чиқилди. Кўриниб турибдики, чиқиндилар ўз тарихида ёмон ҳид тарқатувчи даражасидан санъат галереяси даражасигача кўтарилди. Лекин чиқиндиларга бўлган муносабатни ўзгартиришимиз керак. Яъни чиқиндиларни камайтириш мақсадида харид вақтида ўз имкониятларимизни ҳисобга олишимиз керак.

Шарофиддин Тўлаганов