Трампнинг мексикаликлар ҳақидаги ҳақоратомуз гаплари сабабли Мексика Вашингтондаги элчисини ўзгартирди

Жаҳон 06 Апрель 2016 401

Миллиардер Дональд Трампнинг мексикаликлар ҳақидаги ҳақоратомуз гаплари Мексикани Вашингтондаги элчисини ўзгартиришга мажбур қилди, деб ёзмоқда The Los Angeles Times нашри.

2015 йил сентябридагина элчи қилиб тайинланган Мигел Басаньесни ўрнини Мексиканинг Лос-Анжелесдаги консули Карлос Сада эгаллади. Сада бунгача Мексиканинг Нью-Йорк, Чикаго, Торонто ва Сан-Антониодаги консулликларида ишлаган.

Нашрнинг таъкидлашича, Сада тажрибали дипломат ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича моҳир эксперт ҳисобланади.

Бу ўзгаришга кўплаб мексикаликларнинг Трампнинг мексикаликлар ҳақидаги гапларига ҳукуматнинг сусткашлик билан муносабат билдираётганидан норозиликлари сабаб бўлди. Уларнинг фикрича, бу гаплар уларни ҳақорат қилади.

Мексика ташқи ишлар вазири ўзининг бу ҳолат бўйича баёнотида "Сада Шимолий Америкадаги мексикаликларнинг ҳуқуқлари ва Мексиканинг хориждаги манфаатларини ҳимоя қилишда катта тажрибага эгалигини" кўрсатган. Мексика раҳбарияти Саданинг АҚШда ишлаш бўйича катта тажрибаси бу мамлакатда аксилмексиканча кайфиятларнинг ўсишига қарши курашда асқотишига умид қилмоқда.

"Бугунда сайловолди кампанияси шароитида биз АҚШ аҳолисининг муайян қисми орасида аксилмексиканча кайфиятларни кўрмоқдамиз", деб айтди Мексика ташқи ишлар вазири Клаудия Руис Масье.

Трамп ўз нутқларида мексикалик муҳожирлар ҳақида бир неча бор ножўя гаплар айтган. Мисол учун, у 2015 йил июлида "Мексика АҚШга кўплаб муаммоларга эга бўлган номақбул одамларини юборишини айтган". Унинг фикрича, бундай одамлар АҚШга наркотик ва жиноятлар олиб келади. Кейинроқ эса у АҚШ президенти этиб сайланса, АҚШ ва Мексика ўртасида ноқонуний муҳожирларни қўймаслик учун девор қуришга ваъда берганди.

Кўпроқ янгиликлар