Ҳар қандай миллатнинг асосий бойлиги – оналар ва болалар саломатлигидар. Шундай экан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш миллат келажагини муҳофаза қилиш билан баробардир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан ҳар бир йилга алоҳида ном берилиб, ўтган ҳар бир йил ўз мазмун моҳиятига эга бўлиб бормоқда. Жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний соғлом ва маънавий бой, интелектуал салоҳиятли ёш авлодни тарбиялаш борасида 2016 йил “Соғлом она ва бола йили”да кўпгина ишлар амалга оширилмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди мустақил жамоат ташкилоти бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг 1993 йил 23 апрелдаги Фармонига биноан ташкил этилган. Унинг мақсади ва вазифалари жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандлар тарбиялашни таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, оилаларда соғлом авлоднинг туғилиши ва тарбияланишига эришиш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини оширишдан иборатдир.

Сизга маълумки, юртимизда биринчи маротаба Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1996 йил 22 февралдаги 71-сонли Қарори билан “Соғлом авлод учун” фонди “Тиббий-ижтимоий патронаж” тизими ташкил этилган.

“Тиббий-ижтимоий патронаж” тизими доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тиббий диагностика техникаси билан жихозланган “Автоамбуланс”ларда шифокорлар бригадалари маҳаллаларда, чекка қишлоқ ва овулларда фаолият олиб бормоқдалар.

Айниқса, ушбу тизим моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолининг кенгроқ қатламларини қамраб олиш мақсадида 2010 йилда Корея халқаро соғлиқни сақлаш - Доктор Ли Жунг Вук жамғармаси томонидан 215 минг АҚШ доллари қийматидаги “Hyundai” – Мобил клиникасини тақдим этилиши тиббий-ижтимоий патронаж тизимида замон талабларига мос самарали хизмат йўлга қўйилди.

Ушбу тизимни янада мустаҳкамлаш мақсадида, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш Агентлиги томонидан 2012 йил ва 2014 йилларда “Соғлом авлод учун” фондига 2 дона “Peugeot” русумидаги автоамбуланслар тадим этилган бўлса 2013 йил Корея халқаро соғлиқни сақлаш фонди KOFIH томонидан “Hyunday H1” русумидаги автоамбуланслар тақдим этилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 29 августдаги 255-сонли “2015 - 2018 йилларда оролбўйи минтақасини тиклаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, орол ҳалокатининг оқибатларини енгиллаштириш борасидаги чора-тадбирлар комплекс дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари моддий – техника базаларини мустаҳкамлаш ҳамда она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни тайёрлаш ишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш Агентлиги (ТИКА)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан 10 дона “Меrcedes Benz” русумидаги мобил клиникалар ажратилди.

Мазкур ажратилган автоамбуланслар Фонднинг Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Фарғона, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятлари ҳудудий филиаллари кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаларига 2016 йил 7 апрель куни “Соғлом авлод учун” фонди (Тошкент шаҳри Истиқбол кўчаси 15-уй, мўлжал: “Баҳор” ресторани) олди қисмида тантанали равишда топширилди.

Ушбу автоамбуланс келажакда чекка ҳудудларда яшаётган аҳолини тиббий-ижтимоий патронаж хизмати билан қамраб олади.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди мазкур лойиҳани амалга оширишда ҳамкорлик қилган давлат ва жамоат ташкилотларига ҳамда барча оммавий ахборот воситалари ходимларига ўзининг миннатдорчилигини билдиради.