Air India авиакомпанияси самолётларидан бирининг экипаж командири "севимли" ёрдамчисисиз (иккинчи учувчи) парвоз этишдан бош тортди. Hindustan Times нашрининг хабар беришича, лайнер бортида 110 нафар киши бўлган. Рейс икки соатдан ортиқ вақтга ушланиб қолган.

Биринчи учувчининг исми ошкор этилмади, аммо Ченнайдан Малега Тируванантапурам орқали учаётган рейс ҳақида гап кетаётганлиги маълум.

Парвоздан бир кун аввал экипаж командири "маълум бир аёл" у билан навбатчиликка чиқишини талаб қилган. Дастлаб унга бу ходим Делига учадиган рейсга тайёрланганлигини айтишди. Кейин учувчи касаллиги ҳақида рапорт ёзди. Учиш олдидан экипаж командири иш жойига келди ва авиакомпанияни "севимли" иккинчи учувчисини чақиришга мажбур қилди.

Натижада парвоз икки соатдан ортиқ вақт давомида ушланиб қолди.

Ҳозирча Air India томонидан бу воқеага изоҳ берилмади.