Судан армияси ва исёнчиларнинг Дарфур провинциясида ўзаро тўқнашувлари кучайгани сабабли сўнгги ойларда камида 138 минг киши уй-жойларини тарк этишга мажбур бўлган. Улар мамлакат ичида қочқин ҳисобланувчи 2,6 миллион киши сафини тўлдиришган. Бу ҳақда БМТ бош котибининг тинчликпарвар амалиётлар бўйича ўринбосари Эрве Ладсус Хавфсизлик кенгашидаги ҳисоботида маълум қилган.

Хусусан, Жабал Маррадаги жанговар ҳаракатларнинг кескинлашгани, январь-март ойларида ушбу ҳудудни тарк этувчилар сонининг сезиларли ўсишига олиб келган.

Унинг сўзларига кўра, вазият танглашаётгани сабабли БМТ ва Африка Иттифоқининг (United Nations African Union Mission in Darfur, UNAUMID) қўшма операциясида фуқаролар ва қочқинларни ҳимоя қилиш ишларига эътибор қаратилган.

Эрве Ладсус Дарфурдаги вазият беқарорлигини таъкидлаб, томонларни жанговар ҳаракатларга барҳам бериш ва музокараларни бошлашга чақирган.

Ўз навбатида, Судан вакили Умар Даҳаб Фадль Муҳаммад БМТ Хавфсизлик кенгашини тинчликпарвар қўшинларни Дарфурдан олиб чиқишга қаршилик қилаётганликда айблади. Расмий Хартум бир неча ойдан бери уларнинг олиб чиқилишини талаб қилиб келади.

Дипломатнинг қайд этишича, Дарфурдаги вазият аста-секинлик билан изига тушмоқда. Халқаро ҳарбийларнинг бўлиши эса, бошқа ғаразли мақсадларни кўзлаган бўлиши мумкин.