Буюк Британиянинг халқ соғлигини сақлаш қироллик жамияти (Royal Society for Public Health — RSPH) томонидан егуликлар калориясини ёқиш учун керак бўладиган машқлар сонини маркировка қилиш таклиф этилди.

RSPH томонидан таклиф этилган маркировка “фоаллик эквиваленти” деб номланиб, уч хил ахборотни ўз ичига олган. Унга кўра, бир ўрам маҳсулотдаги калорияни ёқиш учун қанча югуриш, велосипед ҳайдаш ёки бассейнда сузиш ҳақида маълумот кўрсатилади.

“Биз одамларни қўрқитишни ёки спортга муккасидан кетишларини хоҳламаймиз. Бунинг ўрнига биз одамлар маълум бир овқатдаги калорияни ёқиш учун қанчалик даражада фаол бўлишлари лозимлигини билдиришни мақсад қилганмиз. Шунингдек, фаол бўлмаган одамларнинг ҳаракатларига қараб рационларини ўзгартиришларида ёрдам бермоқчимиз”, - дейди RSPH бош директори Ширли Крамер.

Gizmodo нашрининг хабарига кўра, RSPH таклифи бугунги кунда жуда ҳам муҳим хисобланади. Чунки апрель ойининг бошида берилган маълумотга кўра, Ер сайёрасида ортиқча вазндаги одамлар сони озғин одамлар сонидан ўзиб кетди.

Агар ишлаб чиқарувчилар бундай маркировкани қўллашни бошлашса улар бу иш устида анча ҳаракат қилишларига тўғри келади. Чунки машқлар сони ҳар бир шахснинг жинси, вазни ва ёшига қараб ҳар хил бўлади. Балки бу муаммони алоҳида мобиль дастур орқали ечиш мумкин.

Одатда бир дона шоколад батони энергиясини сарфлаш учун 22 дақиқа югуриш, товуқ гўштидан тайёрланган сэндвич учун эса 42 дақиқа сарфлашингиз лозим.

Шуни айтиб ўтиш керакки, гап фақатгина ортиқча калориялар ҳақида кетмоқда. Уларнинг бир қисмини одам кун давомида ўз ҳаракатлари учун ишлатади.