Давлат думаси спикери Сергей Наришкиннинг баёнот беришича, агар Россия Украина ҳарбий қудратига тенг бўлган биронта давлат билан жанговар ҳаракатларга киришгудек бўлса, уруш кўпи билан 4 кунга чўзилиши мумкин.

Наришкин, Россия-Германия семинари қатнашчилари билан Давлат думасида ўтказган учрашувида, сиёсатчи Александр Рарнинг сўзларини изоҳлар экан, шундай фикрни илгари сурган.

"Александр, сиз ҳақиқий сиёсатчи сифатида, украин раҳбариятининг Украина Россия билан урушмоқда, деган иддаоларига ишонмайсиз деб ўйлайман. Шундай бўлсада, мабодо, қандайдир сабабларга кўра, Россия Украинага ўхшаш биронта давлат билан ҳарбий зиддиятга боргудек бўлса ёки унинг агрессиясига қарши чоралар кўришига тўғри келса, бу ерда ўтирганларнинг барчаси уруш неча кунга чўзилиши борасида якдил фикрда десам янглишмасам керак. Икки, уч, кўпи билан тўрт кун. Уруш кимнинг фойдасига ҳал бўлишини ҳам бу ердагилар яхши тушуниб туришибди", —деб қайд этган Наришкин.

"Донбассдаги воқеалар эса икки йилдан бери давом этмоқда. Шунга кўра, Киев ким билан урушаётганини ўзингиз билиб олаверинг", — дея қўшимча қилган Россия Давлат думаси раиси.

Унинг таъкидлашича, Россия, Германия сингари Минск келишувлари бажарилишида халқаро воситачи ёки кафолатчи ҳисобланади.

"Германиянинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислигини эътиборга оладиган бўлсак, Берлиннинг халқаро майдондаги масъулияти янада жиддийроқ", -деб қайд этган Наришкин.