Исландия ҳукумати "офшор можароси" сабабли янги бош вазир тайинлади

Жаҳон 07 Апрель 2016 369

Исландиянинг ҳукмрон коалицияси "офшор можароси" ("панамагейт") сабабли истеъфога кетган бош вазир Сигмюндюр Гюннлейгссон ўрнига Сигурдур Инг Йохансонни янги бош вазир этиб тайинлади. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Тараққиёт партияси вакили Йохансон мамлакатнинг балиқчилик ва қишлоқ хўжалиги вазирлигини бошқарган.

Аввалроқ истеъфога кетган Гюннлейгссон Тараққиёт партияси раиси сифатида ўз фаолиятини давом эттириш ниятидалиги маълум қилинганди.

Гюннлейгссон номи Mossack Fonsecа юридик фирмаси ҳужжатларида тилга олинган. "Панама ҳужжатлари" деб аталган бу ҳужжатларга кўра, эндиликда собиқ бош вазир 2007 йилда Британ Виргиния оролларида Wintris Inc. офшор компаниясига асос солган. Ҳужжатларда айтилишича, компания "шахсий эҳтиёжлар учун" яратилган. Гюннлейгссон ҳукуматга 2013 йил 10 майдан бошчилик қилган.

Ҳужжатлар чоп этилгандан кейин Исландиянинг минглаб аҳолиси пойтахт Рейкьявикнинг марказий майдонига бош вазирнинг истеъфога кетишини талаб қилиб намойишга чиққанди.

Кўпроқ янгиликлар