Исландияда "офшор можароси" сабабли мамлакат бош вазири Сигмюндюр Гюннлейгссоннинг истеъфога кетишидан кейин кузда муддатдан аввалги сайловлар бўлиб ўтиши белгиланди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Мамлакатнинг Пиратлар партияси етакчиси Биргитта Йонсдоттирнинг айтишича, мухолиф партиялар ҳукмрон партия билан сайловларнинг кузда ўтказилишига келишиб олдилар.

Бош вазир лавозимини вақтинчалик мамлакатнинг балиқчилик ва қишлоқ хўжалиги вазири Сигурдур Инги эгаллади.

"Панама ҳужжатлари" билан боғлиқ можаро Исландия бош вазирининг истеъфога кетишидан ташқари, бошқа давлатлар: Буюк Британия, Нидерландия, АҚШ, Австрия, Германия, Ҳиндистон ва Украинада ҳам турли оқибатларга олиб келди. Бу давлатларда чоп этилган маълумотларга асосида текширувлар олиб борилмоқда. Ўз навбатида, Россия амалдор шахслари ва депутатларининг офшор компанияларга алоқалари борлигини рад этмоқда. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков офшор ҳақидаги маълумотларни уйдирма деб атади ва Кремлда бундай уйдирма мақолаларга муносабат билдиришга ҳожат йўқлигини таъкидлаб ўтди.