«Сандерленд» жамоасининг 33 ёшли ҳужумчиси Жермейн Дефо Англия чемпионатининг навбатдаги турида «Лестер»га қарши кечадиган баҳс олдидан фикрларини билдириб ўтди.

«Лестер» — катта жамоага айланди. Уларнинг ўйинлари менга ҳам ёқади. Уларнинг бу мавсумда қилаётган ишлари тарихга киради.

Лекин мен бу жамоага қарши ўйинда ғалаба қозониш иштиёқидаман. Бу биринчидан «Сандерленд»нинг АПЛда жон сақлаб қолиши учун, қолаверса «Тоттенҳэм»да (футболчи узоқ йиллар давомида айнан шу жамоада тўп сурган - таҳр.) чемпион бўлиш имконияти пайдо бўлади», — дейди Дефо.

«Сандерленд» ва «Лестер» учрашуви 10 апрель куни бўлиб ўтади.

Жамоа айни вақтда 31 ўйиндан кейин 27 очко жамғарган ҳолда 18-ўринда жойлашган. Сэм Эллардайс шогирдларининг лигада жон сақлаб қолиш курашидаги асосий рақиби «Норвич» бўлиб, бу икки жамоа кейинги турда ўзаро тўқнашади.

«Сандерленд» «Лестер» ва «Норвич»га қарши ўйинларга Рокер пляжида тайёргарлик кўрди.