2016 йилнинг 4 апрелидан Жиззах вилоятининг барча таълим муассасаларида "Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” тарғибот тадбирлари бошланди. Тарғибот тадбирларининг илк кунида Жиззах шаҳридаги бир нечта таълим муассасаларининг жами 11 минг нафарга яқин ўқувчи ва талаба-ёшлар жалб этилди.

- Тарғибот тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 январдаги “Маданий-маърифий ва тарғибот ишларини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари режаси” ижросини доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан Жиззах вилоят ҳокимлиги, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ёшлар маданият ва санъат маркази ҳамкорлигида ташкил этилмоқда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Э.Исматов.

Тарғибот тадбирлари давомида ёшларни ватанпарварликка ундовчи, тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асрашга даъват этувчи, шунингдек ғаразли ғоялар ва турли кучларнинг жинояткорона ҳаракатларни фош этувчи “Гумроҳлар”, “Сотқин”, “Балли Камолиддин!”, “Шунқорлар” каби бадиий фильмлар, “Ким эдигу ким бўлдик” мавзусидаги ролик Жиззах шаҳри, Арнасой, Бахмал, Дўстлик, Ғаллаорол туманларидаги 49 та умумтаълим мактабларида, 1 та “Меҳрибонлик уйи”да, 20 та касб-ҳунар коллежи ва 4 та академик лицейларда, 2 та олийгоҳда, 1 та маданият ва аҳоли дам олиш марказида намойиш этилди.

А.Бинокулов “Kun.uz” мухбири