Марҳум поп-қирол Майкл Жексоннинг синглиси, АҚШлик таниқли қўшиқчи Жанет Жексон гастролларини бекор қилди ва оиласи кенгайишига ишора қилди. 49 ёшли Жанет ижтимоий тармоқлардан биридаги саҳифасида унинг европалик мухлисларига гастроллар билан бироз кутиб туришларига тўғри келишини, чунки унинг ҳаётида "кутилмаган ўзгаришлар" юз берганини айтган.

"Биз турмуш ўртоғим билан оиламизни режалаштириш билан шуғулланмоқдамиз. Мен турни бекор қилишимга тўғри келади", деб айтди Жексон.

Бундан ташқари, қўшиқчи шифокорлар унга дам олишни тавсия қилганларини қўшимча қилди, деб ёзмоқда НТВ.Ru.

Жанет ўзининг ҳомиладорлиги ҳақида очиқчасига айтмаган бўлса-да, баъзи ОАВ унинг гапларига асосланиб, қўшиқчи "қизиқ ҳолатда" деган хулосага келишди.

Жанет Жексон кўплаб қўшиқлар муаллифи, продюсер, раққоса ва актриса бўлиб, у афсонавий Жексонлар оиласининг кенжа қиз фарзанди ҳисобланади. Жанет 2012 йилда учинчи бор турмушга чиққан. Унинг ҳозирги турмуш ўртоғи қатарлик тадбиркор Виссам ал-Ман бўлиб, қўшиқчининг аввалги турмушларидан фарзандлари бўлмаган.