Россия ва АҚШ ядро қуролларини қисқартиришга оид музокаралар ўтказишга тайёр

Жаҳон 07 Апрель 2016 363

Қуролсизланиш бўйича Комиссиянинг БМТ бош қароргоҳида бўлиб ўтаётган сессиясида Россия ва АҚШ ўз ядро арсеналларини қисқартиришга доир ўзаро мулоқот олиб боришга тайёрликларини бирдиришди.

Томонлар, шунингдек, ушбу масала бўйича муҳокамалар ўтказишга нима ҳалақит қилаётгани борасида фикр алмашишган.

ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, шу мазмундаги баёнот билан АҚШ ва Россиянинг сессиядаги махсус вакиллари ўринбосарлари Жон Бравако ҳамда Петр Ильичев чиқиш қилган.

Браваконинг айтишича, АҚШ томони ядровий каллакларни қисқартириш масаласига замон талаблари ва амалий жиҳатдан ёндашиш ниятида. Вашингтон ушбу муаммога глобал хавфсизлик ҳамда иттифоқчилари олдидаги масъулиятни тўла ҳис қилган ёндашади.

"Расмий Вашингтон бўлғуси музокараларда ядро каллакларининг инспекциясига эътибор қаратиш ниятида", деб қайд этган Бравако.

РФ махсус вакили ўринбосари Петр Ильичев ўз навбатида, Москва ядровий қуролсизланиш масалалари бўйича жиддий мулоқотга тайёрлигини билдириб, бу борада барча томонлар "жиддий ва кенгқамровли тайёргарлик" кўришлари лозимлигини уқдирган. Унинг сўзларига кўра, "халқаро майдонда икки хил меъёрлар қўллашга уринишлардан воз кечиш лозим" ҳамда "айрим давлатлар ёки ҳарбий блокларнинг бошқа давлатлар хавфсизлигига раҳна солиш ҳисобига ўз устунликларини таъминлаш бўйича уринишларига чек қўйиш керак бўлади".

Кўпроқ янгиликлар