Суриянинг Ҳалаб шаҳридаги Шайх Мақсуд даҳасидаги курд лашкарларига "Жибҳад ан-Нусра" террорчилик гуруҳи жангарилари ҳужум қилиши оқибатида 18 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлигининг матбуот баёнотида айтилмоқда.   

Таъкидланишича, ҳужумда 1,5 минг жангари ҳамда 3 танк ва катта калибрли пулемётлар ўрнатилган 20 та автомобиль иштирок этган.

Россия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 18 одам ҳалок бўлган, улар орасида болалар ҳамда 11 нафар курд лашкари бор. 36 нафар одам турли оғирликдаги жароҳатлар олган.

"Ҳаво разведкаси ўтказилиб, нишонларнинг аниқ координаталари аниқлангандан кейин вазиятнинг кескинлашиши сабабли Россия ҳарбий-коинот кучлари самолётлари Ҳалаб яқинидаги ҳудудлардаги "Жибҳад ан-Нусра" террорчилари позицияларига зарба берди ва уларнинг ҳужумини тўхтатди", дейилмоқда хабарда.