ТИКА делегацияси Ўзбекистонга ташрифини бошлади

Ўзбекистон 07 Апрель 2016 773

Туркиянинг ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ТИКА) раҳбари Сердар Чам Ўзбекистонга ташриф буюрди. Делегация 7-10 апрель кунлари Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Туркиянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси тарқатган хабарда маълум қилинган.

Делегация ТИКА агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилган бир қатор лойиҳаларнинг тугалланганлиги муносабати билан ўтказиладиган маросимларда иштирок этади.

Ташрифнинг илк кунида Сердар Чам Ўзбекиcтон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари С.Ф. Эргашев ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А.В. Алимов билан учрашиб, бугунги кунга қадар ўзаро ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар борасида ўзаро фикр алмашишади ҳамда келажакда қилинадиган амалий ишларни муҳокама қилишади.

Куннинг иккинчи ярмида Сердар Чам ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилган Республика “Тадбиркор аёл” уюшмасининг марказий биноси ҳамда Республика ихтисослаштирилган гинекология ва акушерлик илмий-амалий марказига ташриф буюриб, ушбу марказ қошида ТИКАнинг кўмагида ташкил этилган “Симуляция ўқув маркази”нинг расмий очилиш тадбирларида иштирок этади.

Шундан сўнг Сердар Чам ва унга ҳамкороҳлик қилаётган хайъат аъзолари ҳамда ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари ва меҳмонлар иштирокида 2010 йилдан буён ТИКА томонидан амалга оширилиб келинаётган муҳим лойиҳалардан бири “Мобил Клиника” транспорт воситалари лойиҳасининг давоми сифатида амалга оширилган, тиббий анжом ва ускуналар билан жиҳозланган 10 дона Мобил клиник транспорт воситаларини “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг турли вилоятлардаги ижтимоий-патронаж бригадаларига топшириш маросими бўлиб ўтади.

8 апрель куни Сердар Чам ва ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари профессор Сулейман Қизилтопрак ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси вакилларидан иборат делегация Бухоро шаҳрига ташриф буюришади. Ташриф давомида ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилган Бухоро шаҳридаги 32-сонли Меҳрибонлик уйида бўлишади.

Шунингдек, ташриф давомида Сердар Чам Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ҳам бўлиб, у ердаги турли тарихий-маданий обидаларни зиёрат қилади.

Маълумки, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш Агентлиги – ТИКА, Туркия республикаси бош вазир девони ҳузуридаги техникавий ёрдам кўрсатиш ташкилоти бўлиб, 1992 йилда ташкил топган.

Ҳозирда ТИКА ташкилотининг Европа, Осиё ва Африка қитъаларининг 140га яқин мамлакатда, 50дан ортиқ ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда.

ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида имзоланган “Ҳамкорлик шартномаси” доирасида 1994 йилнинг 20 май куни очилган бўлиб, Ўзбекистондаги турли ташкилот ва идоралар билан иқтисодий, техникавий, ижтимоий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга ошириб келмоқда.

ТИКАнинг Ўзбекистон Республикасидаги фаолияти ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги билан 2004 йилнинг 4 ноябрь куни имзоланган “Ҳамкорлик шартномаси” асосида амалга ошириб келинмоқда.

Кўпроқ янгиликлар