Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида она ва бола саломатлигини муҳофазалаш, репродуктив саломатликни асрашда тиббий патронаж хизматининг ролини ошириш, бу йўналишда жойларда фаолият юритаётган саломатлик секторларининг ишини янада оммалаштириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, шифокорлар, ҳамширалар, маҳаллалар фаоллари иштирок этди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Худоёров, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова ва бошқалар Ўзбекистон президенти Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофазалаш, соғлом авлодни тарбиялашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги «2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида»ги қарори ва «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури асосида бу йўналишдаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.

Ўзбекистонда «Соғлом она – соғлом бола» тамойили асосида туғруқ ёшидаги аёллар, болалар, ўсмирлар замонавий тиббий-профилактика ёрдами билан тўлиқ қамраб олинмоқда.

Аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини янада юксалтиришда патронаж хизмати алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда юртимизда уч мингга яқин қишлоқ врачлик пункти, уч юз етмишдан зиёд оилавий поликлиника халқимизга тиббий хизмат кўрсатмоқда. Тизимда етти мингга яқин умумий амалиёт шифокори, ўн етти мингдан зиёд патронаж ҳамшира эл саломатлиги йўлида иш олиб бормоқда.

Патронаж ҳамширалар замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Хонадонларда тиббий патронаж тадбирини ўз вақтида ва самарали ташкил этиш имконияти кенгаяётир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 1 декабрдаги «Қишлоқ врачлик пунктларининг патронаж тиббиёт ҳамшираларини моддий рағбатлантиришни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида патронаж ҳамширалар иши самарадорлиги баҳоланиб, муносиб рағбатлантирилмоқда.

2015йил 1 мартидан 1 апрелга қадар ўтказилган патронаж ойлиги ҳам тизим ривожига хизмат қилди. Ўттиз уч мингдан ортиқ тиббиёт ходими иштирок этган ушбу ойлик давомида 19 миллиондан зиёд аҳоли, беш ярим миллиондан кўпроқ оиланинг тиббий-ижтимоий ҳолати ўрганилди.

Инсон саломатлигини асрашга йўналтирилган бундай эзгу ишлар йилдан-йилга кенгаймоқда. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан маҳаллаларда саломатлик секторлари ташкил этилгани айни муддао бўлди. Ушбу ҳамкорлик патронаж тадбирлари жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этишда маҳалла, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа нодавлат ташкилотлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш имкониятини яратмоқда. Саломатлик секторлари фаолиятини ривожлантириш, ушбу йўналишда орттирилган илғор тажрибаларни кенг ёйиш юзасидан турли тадбирлар, кўрик-танловлар ўтказилмоқда. Мазкур анжуманга ана шундай танловларнинг вилоят босқичида ғолиб бўлган энг намунали саломатлик секторлари вакиллари таклиф этилди.

Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани “Работ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳузурида фаолият юритаётган саломатлик сектори бунга мисолдир. “Зармитан” қишлоқ врачлик пункти мудири, умумий амалиёт шифокори Сайёра Нуриллаева бошчилик қилаётган секторга умумий амалиёт врачи, патронаж ҳамшира, хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фаоллари ва бошқа давлат ҳамда жамоат ташкилотларидан қирқдан зиёд мутахассис жалб этилган. Саломатлик секторининг ҳафталик иш режаси ишлаб чиқилиб, шу асосда чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада хонадонларда соғлом турмуш тарзини юксалтириш, аҳоли, хусусан, ёшларни оммавий спортга жалб этиш, эрта ва яқин қариндошлар никоҳининг олдини олиш, оилаларда тиббий-ижтимоий, психологик муҳитни мустаҳкамлашда салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Анжуманда «Соғлом она – соғлом бола» миллий моделини изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, халқимизга тиббий-профилактика ёрдами кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган маърузалар тингланди. Саломатлик секторларининг илғор тажрибалари оммалаштирилди. Патронаж ишларини амалга оширишда тиббиёт муассасалари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.