Мадриднинг "Реал" футбол жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан Чемпионлар Лигаси чорак финалининг дастлабки учрашувида жамоаси меҳмонда "Вольфсбург"дан мағлубиятга учрагани борасида фикрлари билан бўлишди. Учрашув "бўрилар"нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

"Ўйиндан ҳафсалам пир бўлди. Ҳеч ким 2:0 ҳисоби билан ютқазишимизни кутмаганди. Ҳаттоки мен ҳам кутмагандим.

Бугун бизга қийин бўлишини билгандик, айниқса жисмонан. Шубҳасиз, "Барселона" билан учрашув бизни чарчатганди. Бироқ биз ўйинни Чемпионлар Лигасининг бундай босқичида ўйнаш керак бўлган суръатда бошламадик. Бизга ҳаракатчанлик ва жадаллик етишмади. Гол уришга имкониятларимиз бўлди, бироқ ҳозир натижага тан беришимиз керак бўлади. Биз учрашувнинг барча 90 дақиқасини таҳлил қилиб чиқишимиз лозим.

Ҳали ҳеч нарса йўқотилмади. Биз "Реал Мадрид"миз ва жавоб учрашувида мухлисларимиз кўмагида барчасини ўзгартиришимиз мумкин. Олдинда 90 дақиқалик ёки ундан ҳам кўпроқ давом этадиган ўйин бор. Ҳозир жипслашиб, ишлашда давом этиш керак", деб Зиданнинг сўзларини келтирмоқда испан ОАВи.

Жамоалар ўртасидаги жавоб учрашуви 12 апрель куни Мадридда бўлиб ўтади.