Испаниянинг бозорлар ва рақобат бўйича миллий комиссияси мамлакатнинг тўртта йирик банклари ўзаро келишган ҳолда нархларни белгилаб олгани бўйича текширувларни бошлаб юборган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар қилган.

Хусусан, BBVA, Banco Sabadell, Banco Santander ва Caixabank молия муассасалари, тижорат маълумотларини айирбошлаш ва фоизлар белгилашда улардан фойдаланганликда айбланмоқда.

Қайта тикланувчи энергия манбалари билан шуғулланувчи Inversiones Empresariales Vapat компанияси миллий комиссияга ариза топширгач, монополияга қарши кураш идораси суриштирув ишларини бошлаб юборди.

BBVA банки вакилининг таъкидлашича, барча молия муассасалари қонун доирасида фаолият юритган. Ушбу ишга алоқадор бошқа банклар ҳозирча, ушбу хабарга изоҳ беришдан бош тортишган.

Бундан аввал, Франция Марказий банки мамлакат банкларидан офшорларга оид қўшимча ҳисобот талаб қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.