Бразилиялик собиқ футболчи Дида «Чемпионат» нашрига берган интервьюсида 2005 йилги Европа чемпионлар лигаси финали борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

«2005 йилги ЕЧЛ финали ажойиб ўтганди. Аммо у баҳс биз учун янада яхшироқ тугаши мумкин энди. 3:0 ҳисобида юта туриб қандай қилиб «Ливерпуль»га ютқазиб қўйганимизни ҳали-ҳамон тушунмайман. Биз совринга жуда яқин келгандик, бироқ футбол ҳакамнинг финал ҳуштагига қадар давом этади. Бу бутун умрлик сабоқ бўлганди.

Биринчи бўлимдан кейин ҳисоб 3:0 пайтида ечиниш хонасига хурсанд ҳолда келгандик. Анчелотти биздан шу темпда ўйнашда давом этишимиз кераклигини тушунтирганди. Аммо майдонга қайтгач, бундай катта устунликни ушлаб қола олмагандик.

Шунга қарамасдан биз икки йил ўтиб, бу мағлубият учун ўч олгандик. Бу сафар диққат-эътиборни йўқотмагандик. 2005 йилдаги ўйинда ҳам эътиборни йўқотмагандик. Шунчаки охирги пенальтида Шевченконинг омади чопмаганди», дейди бразилиялик посбон.