Фидель Кастро анчадан бери илк марта омма олдида кўриниш берди

Жаҳон 08 Апрель 2016 520

Куба инқилоби тарихий етакчиси Фидель Кастро узоқ вақтдан бери биринчи марта Гаванада омма олдида кўриниш берди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Кастро укаси Раул Кастронинг 2007 йилда 77 ёшида вафот этган рафиқаси Вильма Эспин хотирасини ёд этиш маросимида пайдо бўлди. Эспин 1959 йилдаги Куба инқилобининг қаҳрамонларидан бири ҳисобланади.

"Команданте" Эспин номини олган таълим марказига ташриф буюрди. Собиқ етакчи у ерда боғча ва бошланғич мактаб ўқувчилари ва педагоглари билан хотира маросимида иштирок этди.

"Ишончим комилки, бугунгидек кунда Вильма хурсанд бўларди", деб айтди Кастро.

Маҳаллий телевидение ўқувчилар ва ўқитувчилар билан таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа мавзуларда суҳбатлашган Кастронинг тасвирларини ва нутқини намойиш қилди.

Аввалроқ Кастро АҚШ президенти Барак Обаманинг Кубага ташрифини "биз империя бизга қандайдир совғалар беришига муҳтож эмасмиз" деб изоҳ берганди.

Кўпроқ янгиликлар