7 апрель куни Тбилиси шаҳрида Грузия бўйлаб дунё юлдузлари концертлари ва 35та фестивалларни ўз ичига олган “Check in Georgia” катта лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди.

Машҳур Италия қўшиқчиси Эрос Рамазоттининг концерти 24 апрель куни ва британиялик кўшиқчи Робби Уильямснинг концерти 27 май куни Тбилиси шаҳрида бўлиб ўтади.

Maroon 5 гуруҳининг концерти эса 7 июнь куни Батуми шаҳрида, испаниялик опера ижрочиси Ҳосе Каррераснинг концерти эса 18 июнь куни Кутаиси шаҳрида ўтказилади.

Check in Georgia лойиҳаси доирасида грузиялик ва хорижлик ижрочилар томонидан Грузиянинг 19та шаҳарларида концертлар ташкил қилинади.
Лойиҳа учун махсус равишда Батуми шаҳрида концерт майдони қурилади. У ерда замонавий аппаратура, ёритиш тизимлари, хавфсизлик хизмати ва бошқа концертни амалга ошириш учун керак бўладиган хизматлар тақдим этилади.

Бундан ташқари, пишлоқ ва вино фестиваллари, маҳаллий маҳсулотлар савдо-кўргазмаси, велопойгалар ва Грузиянинг махсус қўриқхоналарига саёҳатлар уюштирилади.

Грузия ҳукумати вакиллари Check in Georgia лойиҳаси мамлакатни дунё аренасида машҳур қилишига ва унинг халқаро имижини кўтаришда ёрдам беради, деб умид қилишмоқда. Келажакда лойиҳа доимий ва анъанавий тус олиши режалаштирилган.

Check in Georgia лойиҳаси Грузия ҳукумати ташаббуси ва Маданиятни ривожлантириш сармоя фонди кўмагида ташкиллаштирилмоқда.