Латвия электрон ОАВ кенгаши «Россия-РТР» халқаро телеканалини олти ой муддатга тақиқлади. Маълум қилинишича, тақиқ канал эфирида ЕИнинг "ОАВнинг аудиовизуал хизматлари ҳақида"ги директиваси бир неча марта бузилиши билан боғлиқ.

"Урушга даъват этиш ва нафрат қўзғатиш -бу жиддий қонунбузарлик", - деди кенгаш раиси Айя Дулевска.

Унинг сўзларига кўра, "Владимир Соловьев билан якшанба оқшоми" кўрсатувида икки марта қоида бузилган. Кўрсатувнинг бир сонида Украина нацистлар ва фашистлар билан тўлиб кетган дейилган бўлса, бошқа бир сонда Туркияни фазодан туриб йўқ қилиш кераклиги, чунки у Кавказни босиб олишга тайёргарлик кўраётгани маълум қилинган.

Яна бир қонунга хилоф вазият кузатилган, яъни эфирда Латвияда русларнинг чиқиштирилмаётгани ҳақида хабар берилган. "Сўнг бунга изоҳ берилган: америкаликлар буни қўллаб-қувватламоқда, чунки Латвияга танкларини киритишга қулай фурсат излашмоқда".

Ўз ўрнида ВГТРК «Россия-РТР»да латвиялик "тартиб ўрнатувчи"нинг қарорини "заифлик белгиси" ва "ВГТРКни ўз дастурларини цензура қилишга мажбурлаш ҳаракати" деб аташди.

Қарор Latvijas Vēstnesis («Латвия даракчиси») расмий нашрида чоп этилганидан сўнг кучга киради.