Мексикадаги жиноий тўдалардан бири аъзоларининг саводсизлиги уларнинг жиноий фаолиятига чек қўйди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

4 нафар жиноятчи "чиройли" режа тузди: улар бир машинани полиция автомобили кўринишга келтириб, полициячилар кийимини кийиб, ҳеч нарсадан хабари йўқ ҳайдовчиларни тунамоқчи бўлишди.

Айтилди – қилинди. Бироқ жиноятчиларнинг "улкан режалари" амалга ошмай қолди. Жиноятчилар бадиий нуқтаи назардан полиция машинасини бекаму-кўст кўринишга келтирдилар – бўёқлар ҳам бир текис ўтирди, орқа эшикка полиция эмблемаси тасвирини ҳам тушириш эсдан чиқмади. Бироқ жиноятчилар машинанинг олди эшигидаги Division Fuerza ("Куч бўлинмалари") ёзувини ёзишда "қовун туширдилар": улар Division сўзидаги "s" ўрнига "c" ёзиб, сўзни Divicion тарзида нотўғри ёзишди. "Сохта" полиция машинаси олдидан ҳақиқий патруль машинасида полициячилар ўтиб кетаётганларида уларнинг бу хатоликка кўзлари тушди.

Омадсиз жиноятчилар дарров қўлга олинди. Бу Мексикадаги жиноятчилик даражаси юқори бўлган Мичоакан штати трассасида содир бўлди. Энди жиноятчилар анча вақт турмада ўтиришларига тўғри келади.