Қирғизистон Республикаси “Ота Макон” (“Ате Мекен”) фракция депутатлари Жиноят кодексида вояга етмаганларга нисбатан амалга оширилган жиноятларга нисбатан белгиланган жазо чораларини кескинлаштириш таклифи билан чиқишди.

Шу мазмундаги янгиликни киритиш ташаббускорларидан бири депутат Аида Салянованинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жиноятлар сонининг кўпайиб кетиши ушбу қонун лойиҳасини қабул қилиш заруратини келтириб чиқарган.

ИИВ маълумотларига кўра, 2014 йилда вояга етмаганларга нисбатан 142та оғир турдаги жиноятлар амалга оширилган. Оқибатда 10 нафар бола ўлдирилган, 13 нафарининг соғлигига жиддий зиён етказилган, 66 нафари зўрланган ва 17 нафари жинсий кўринишдаги ҳаракатларга мажбурланган.

“Статистикадан кўриниб кўриниб турибдики, қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришларга қарамасдан Қирғизистонда болаларни шафқатсиз муносабатлардан ҳимоя қилиш соҳасида ривожланиш кузатилмаяпти. 2015 йилда эса умумий ҳисобда 155 нафар вояга етмаган болаларга нисбатан оғир жиноятлар содир этилган. Хусусан, 15 нафар бола ўлдирилган, 15 нафарига оғир тан жароҳати етказилган, 74 нафари зўрланган ва 27 нафари жинсий таҳқирлаш кўринишдаги ҳаракатларга мажбурланган, яна икки нафари ўз жонига қасд қилишга мажбур этилган. Ва бу ҳали расмий рақамлар”, - фикр билдирди ЖКга ўзгартириш киритиш тарафдорлари.

Қирғизистон томонидан 1994 йили тасдиқланган бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бўйича аъзо-мамлакатлар боланинг яшаши ва соғлом ўсишини максимал таъминлаб берадилар, болаларни ҳар қандай жисмоний ва руҳий зўравонликлардан ҳимоя қилиш учун зарур қонунларни қабул қиладилар.