АҚШ ҳарбий денгиз кучлари расмий вакилининг сўзларига кўра, Жеральд Форд номли ҳарбий самолётларни ташувчи кема таннархи бўйича энг қиммат кема ҳисобланади. У 12,9 млрд доллар эвазига қурилмоқда.

Америка ҳарбий денгиз кучлари харидлар бўйича котиби ёрдамчиси Шон Стекли Сенатнинг қуролли кучлар қўмитасига берган ҳисоботида маълум қилишича, кема сиғими юз минг тонна бўлиб, узунлиги 330 метрни ташкил этади.

2009 йилда қурилиши бошланган кема шу йилнинг март ойидаги ҳолатга кўра, 97 фоизга якунланган. Стеклининг айтишича, ҳарбий ташувчи кема июль ойида денгиз синовларига чиқарилади ҳамда икки ойдан сўнгра Newport News Shipbuilding (АҚШнинг Виржиния штатидаги кемасозлик компанияси) томонидан ҳарбий денгиз флоти ихтиёрига топширилади.

У Американинг 38-президенти шарафига Жеральд Форд деб номланган.

Шон Стеклининг айтишича, ушбу русумдаги "Жон Кеннеди" номли яна бир авиаташувчи кемасини 2020 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Март ойи ҳолатига кўра, мазкур кема 18 фоизга қуриб битказилган.