Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида “Амир Темур – буюк саркарда ва давлат арбоби” мавзуида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

Боғ маъмурияти, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Чилонзор тумани бўлимлари томонидан ташкил этилган тадбирда шоир ва ёзувчилар, тарихчи-олимлар, маънавиятчилар, “Баркамол авлод” болалар ижодиёт маркази ҳамда тумандаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирда Амир Темур ва темурийлар даври тарихини ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар, бу жараёнда аниқланган қимматли манбалар, уларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

“Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказининг спорт гуруҳи ва рақс жамоаси, Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи қошидаги “Улуғбек юлдузлари” вокал ансамбли, “Нодирабегим” ва “Дурдона” фольклор-этнографик ансамбли ҳамда қўғирчоқ театри жамоаларининг чиқишлари намойиш этилди.