Угандада саратонга қарши ягона радиотерапия ускунаси ишламай қолди. Бу ҳолат туфайли минглаб беморлар даволаниш имкониятидан маҳрум бўлишди.

Mамлакат пойтахти Кампаладаги Мулаго шифохонасининг саратон бўлимига янги замонавий тиббий ускуна сотиб олиш учун 1.8 миллион доллар маблағ қидирмоқда.

Ушбу шифохонанинг саратон бўлимида йилига 44 мингга яқин угандалик текширувдан ўтиб, даволанади. Бундан ташқари, Руанда, Бурунди ва Жанубий Судандан ҳам беморлар даволаниш илинжида шу ерга келишади.

"Уларнинг 75 фоизига эса радиотерапия талаб қилиниши мумкин", деган бўлим вакили Кристин Намулиндва.

Унинг айтишича, ушбу ҳолат жуда ачинарлидир, чунки, зудлик билан радиотерапия талаб этиладиган беморлар бор. Мулаго шифохонасидаги радиотерапия ускунаси 1995 йилда муассасага ҳадя қилинган. Шундан сўнг, ускуна бир неча маротаба таъмирланган. Аммо, бу сафар уни таъмирлаш имкони топилмаган.

Радиотерапия усулида тананинг маълум бир қисмидаги саратон ҳужайраларига махсус нур юборилади. У саратоннинг кўплаб турларида қўлланилади. Соғлом ҳужайралар зарардан сўнг тикланиши мумкин, аммо саратон ҳужайраси ўлади.

Ҳозирда бўлим томонидан кимётерапия ва жарроҳлик усули билан даволаш таклиф этилаётган бўлсада, беморлар радиотерапия учун қўшни Кенияга сафар қилишга мажбур бўлишмоқда.

Айтиш жоизки, сўнгги вақтларда, Африканинг аксар ҳудудларида турмуш кечириш шароитлари тобора ёмонлашаётгани боис, саратон хасталиги ҳам авж олмоқда.