"Уйда ёлғиз" фильми юлдузи Маколей Калкин актёрлик фаолиятини якунлади

Маданият 08 Апрель 2016 2228

"Уйда ёлғиз" фильмидаги болакай - Кевин МакКалистер роли орқали танилган ва ҳозирда 35 ёшга чиққан актёр Маколей Калкин актёрлик фаолиятини тугатишга қарор қилди. Бу ҳақида у New York Magazine журналига маълум қилди ва ўзининг келажакдаги режалари билан ўртоқлашди.

"Мен 35 ёшдаман ва кинони тарк этмоқдаман. Бошим оққан томонга бораман", - деди Калкин журналистларга.

Шунингдек, Маколей бўш вақтини санъат ва ўзликни англашга бағишлашини билдирди. Калкин тасвирий санъат билан шуғулланади, ҳикоялар ёзади ва умуман кўнгли тусаган ишни қилади. Юлдузлик онлари аллақачон тарихда қолган бўлса-да, уни жамоат жойларида ҳалигача танишади. Шу туфайл у фақат эрталабки соат тўртда ёки кечаси соат иккидан сўнг ташқарига чиқади.

Журналистлар ва блогерлар унинг гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиши ҳақида кўп бора ёзишган. Ҳаттоки ўз жонига қасд қилмоқчи бўлгани тўғрисида айтилган. Ундаги тушкунлик ҳолатлари ва нотўғри турмуш тарзи актриса Мила Кунис (ҳозирда Эштон Катчернинг турмуш ўртоғи) билан муносабатлари бузилгандан сўнг бошланган. Улар 8 йил давомида учрашиб юришган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Маколей ўзининг охирги ролини ижро этган. У :DRYVRS веб-сериалидаги эпизодда улғайган Кевин МакКалистер қиёфасида намоён бўлган. У автомобилни бошқара олмайдиган ҳайдовчи ролида чиққан.

Кўпроқ янгиликлар