Airbus ва Siemens гибрид двигателли самолётларни яратишади

Жаҳон 09 Апрель 2016 364

Франциянинг Airbus авиақурилиш корпорацияси ва Siemens немис саноат концерни гибрид двигателли самолётларни ишлаб чиқариш учун бирлашишди. Шериклар бундай турдаги йўловчи лайнерларини 2030 йилга келиб ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштиришмоқда.

Airbus ва Siemens пресс-релизларида компаниялар 100 йўловчига мўлжалланган гибрид винтмоторга эга бўлган самолётни яратишни бошлашди. Бу лойиҳада таҳминан 200 инженер иштирок этади. Компаниялар тўрт йилдан сўнг технологиянинг техник реализациясини тақдим этишмоқчи, 2030 йилга келиб эса тижорат учун тайёр маҳсулотни яратишни мўлжаллашган, деб хабар берди Reuters агентлиги.

Бутунлай электр қувватида учадиган самолёт ҳақида сўз кетгани йўқ: электр қуввати ва авиация ёқилғисида ишлайдиган гибрид двигатели яратилади. Siemens вакили Флориан Мартинининг (Florian Martini) сўзига кўра, янги ихтиро пастроқ овоз чиқариши ва ёқилғини камроқ истеъмол қилиши билан бошқа самолёт двигателларидан фарқланиб туради.

Таҳмин қилинишича, Airbus гибрид авиалайнерлари 25 фоизга камроқ ёқилғини истеъмол қилишади. Двигателларнинг электр манбаида ишлаш режимига ўтилганда эса қўниш ва учиш жараёни деярли овозсиз бўлади. Бундай самолётлар қайта ёқилғи қуйилгунча 1 минг километрни тўхтамасдан учиб ўта олади.

Airbus Group бош директори Том Эндерснинг (Tom Enders) таъкидлашича, компания авиация соҳасида зарарли моддаларнинг атроф-муҳитга чиқарилишини умуман бартараф этилишига интилмоқда.

Европа мамлакатларининг ҳукуматлари карбонат ангидрид газининг атмосферага чиқарилишининг 2050 йилда 2000 йилга нисбатан 75 фоизга туширишни авиакосмик компанияларнинг олдига муҳим вазифа этиб қўйишмоқда.

Кўпроқ янгиликлар