Дубай халқаро аэропортидаги автобус ҳайдовчиси йўловчига унутиб қолдирилган сумкасини қайтарди, унинг ичида ҳужжатлар ва 15 минг доллар пул бўлган. Gulf News газетасининг хабар беришича, транспорт хизмати ходими тўғри ниятли ҳаракати учун раҳбарият таҳсинига ҳамда миннатдор йўловчидан 800 доллар пул мукофотига сазовор бўлди.

Асли покистонлик бўлган Зоҳид Али автобус салонини тартибга келтираётганида сумкани кўриб қолган. У топилмани аэропорт полициясига етказиб берган, улар эса эгасини топиб топширишган. Бу ҳайдовчининг меҳнат фаолияти давомидаги учинчи, бироқ мукофот олган биринчи ҳолат бўлди.

"Мен мукофотга умид қилмагандим ва дастлаб ундан бош тортдим, - дейди ҳайдовчи журналистларга. - Аммо хитойлик тадбиркор ўз сўзида туриб олди ва мен рози бўлдим".
Инсофли ҳайдовчи ҳикояси кутилмаганда кенг омма орасида машҳур бўлиб кетди. Унга хусусий муассасалардан қилган хайрли амали учун кетма-кет совғалар келиб туша бошлади.

Gulf News нашрининг маълум қилишича, тўрт йиллик ҳайдовчилик фаолияти давомида Зоҳид Али йўловчиларга жами 25 минг доллар қийматдаги пулларини қайтарган. Бироқ бирор марта бировнинг омонатига хиёнат қилмаган ва айнан мана шу жиҳати оддий ҳайдовчини Бирлашган Араб Амирлигидаги энг машҳур инсонлардан бирига айлантирди.