ФҚБ томонидан энг қидирилувчи жиноятчилар рўйхатидаги ягона аёл Мексикада ҳибсга олинди

Жаҳон 09 Апрель 2016 455

Мексикада АҚШнинг Федерал қидирувлар бюроси томонидан энг кўп қидирилувчи жиноятчилар рўйхатидаги ягона аёл – Бренда Дельгадо ҳибсга олинди.

33 ёшли Бренда Беренис Дельгадо Рейнага Техасда ўзининг собиқ хушторининг янги маъшуқаси қотиллигини ташкиллаштиришда гумон қилинаётганди. У бир неча ой давомида қочқинликда юрган.

Тергов маълумотларига кўра, қотиллар буюртма қилинган нишон - тиш шифокори Кендра Ҳэтчерни ўтган йилнинг 2 сентябрида отиб ўлдиришган. Шундан кейин буюртмачи Дельгадо АҚШ ҳудудини тарк этган.

Мексика ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари Дельгадо ФҚБ томонидан “10 нафар энг қидирилувчи жиноятчилар” рўйхатига киритилгандан 2 кун ўтибоқ, 8 апрель куни уни ушлашди. ФҚБ аёлнинг қўлга олинишига ёрдам берувчи маълумот учун 100 минг доллар ваъда қилган.

Аёл ҳибсга олиниш вақтида қаршилик кўрсатмаган.

АҚШда аёлга ўлим жазоси берилиши мумкин, бироқ Мексика бундай ҳукмга қарши чиқмоқда. CNN телеканалининг маълум қилишича, Техаснинг Даллас шаҳри раҳбарияти аёлга умрбод қамоқ жазоси чиқарилишига ваъда берди.

Дельгадо ФҚБнинг энг қидирилувчи жиноятчилар рўйхати 1950 йилда яратилгандан бери бу рўйхатга тушган тўққизинчи аёл бўлди.

Кўпроқ янгиликлар