Итальян аспиранти Жулио Реженининг ўлимига оид тергов жараёнида айтарли натижалар қўлга киритилмагани сабабли, Италиянинг Мисрдаги элчиси маслаҳатлашувлар ўтказиш мақсадида Римга чақирилган. Бу ҳақда, мамлакат бош вазири ва ташқи ишлар вазирининг Твиттердаги саҳифаларида баён қилинган.

Италия томони шунингдек, Миср тергов комиссияси билан ҳамкорликни тўхтатган. Итальян терговчиларининг таъкидларича, улар Римга ташриф буюрган мисрлик ҳамкасбларидан барча ашёвий далилларни олишмаган.

27-ёшли Жулио Режени Қоҳирадаги Америка университетида тадқиқот ишлари билан шуғулланиши баробарида қатор итальян ОАВ билан ҳамкорлик қилган. Шунингдек, журналистлик мақсадида мухолифат вакиллари билан учрашиб юрган.

Шу йилнинг 25 январида у бедарак йўқолган, кейинроқ талабанинг жасади Қоҳира атрофидаги кўчалардан бирининг ёнидан топилган эди.
Март ойи охирларида, Миср ҳуқуқ-тартибот идоралари махсус амалиёт ўтказиб, чет элликларга ҳужум қилиш ва талаш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳнинг беш нафар аъзосини ўлдирган, уларнинг хонадони тинтув қилинганида Жулио Реженига тегишли ҳужжатлар ва шахсий буюмлар топилган эди.

Гарчи Миср томони Режени ўлими жиноий асосга эгалигини таъкидлаётган бўлсада, расмий Рим бундай фикрда эмас. Бир пайтлар ОАВда Режени Миср махсус хизматлари томонидан ўлдирилган бўлиши мумкин деган хабарлар пайдо бўлганди. Албатта, Қоҳира бу айбловларни рад этмоқда.