Коста-Рика пойтахти Сан-Хосе шаҳри яқинида иккита поезд "пешонама-пешона" тўқнашиши оқибатида камида 106 киши жабрланди, деб хабар бермоқда "Қизил Хоч" жамиятининг маҳаллий бўлими вакилларига иқтибос келтирган ҳолда Aristegui Noticias нашри.

Бошқа ОАВда 245 киши жабрлангани маълум қилинмоқда, бироқ бу маълумотлар ҳозирча тасдиқланмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, тўқнашувга "инсон омили" – диспетчер хатоси ва поезд машинистлари ўртасида алоқанинг йўқлиги сабаб бўлган. Бу ҳақда Коста-Рика темир йўллар институти раҳбари Гильермо Сантана матбуот-анжуманида айтиб ўтди.

Ҳалок бўлганлар ҳақида маълумотлар берилмаган. Жароҳат олганлар шифохонага етказилган. 5 кишининг аҳволи оғир дея баҳоланмоқда, яна 30 киши жиддий жароҳатлар олган.

Иккала поезд ҳам кичик тезлик билан ҳаракатланаётган бўлган ва вагонлар тўла бўлмаган. Тўқнашув оқибатлари 3 соат давомида бартараф этилган. Айни вақтда ушбу йўналиш бўйича поездлар ҳаракати тўхтатилган. Нохуш воқеа юзасидан тергов бошланди.