Француз кинорежиссери Люк Бессон Россия ҳарбий денгиз кучларининг 2000 йил августида ҳалокатга учраган "Курск" атом сувости кемаси ҳақида кинокартина яратиш ниятида.

РФ мудофаа вазирлиги маданият бошқармаси раҳбари Антон Губанковнинг "Эхо Москвы" радиосига берган интервьюсида айтишича, Люк Бессон уларга мурожаат қилиб, фильмни суратга олишда қўмак беришларини сўраган.

Унинг сўзларига кўра, яқин орада Россияга, суратга олиш майдонлари билан танишиш мақсадида француз делегацияси ташриф буюради. Губанковнинг айтишича, мудофаа вазирлиги ушбу лойиҳа бўйича ҳамкорлик қилади.

Эслатиб ўтамиз, атом сувости кемаси Шимолий флотнинг Баренц денгизида ўтказган ўқув машғулотлари вақтида 2000 йил 12 августида 108 метр денгиз тубида ҳалокатга учраган эди. Унинг ичидаги 118 нафар кишининг барчаси ҳалок бўлган.

Россия президенти фармонига кўра, кема капитанига ўлимидан сўнг, Россия қаҳрамони унвони берилган, қолган ҳарбий денгизчилар "Мужество" ордени билан мукофотланган.