8 апрель кечки пайт Москва метроси поездида отишма содир бўлди. Номаълум эркак вагонда унинг ёнида турган ва у билан баҳслашиб қолган эркакка ўқ узган. Бу нохуш воқеа метронинг Калужская-Рижская йўналишида "Калужская" ва "Профсоюзная" бекатлари орасидаги ҳаракат вақтида юз берган.

"Полицияга соат 19:00 лар атрофида метронинг Калужская-Рижская йўналишида икки эркак ўртасида тортишув чиққани ва натижада эркаклардан бири травматик тўппончадан иккинчи эркакка ўқотар жароҳат етказгани ҳақида хабар келиб тушди", деб маълум қилди Москва ИИБ матбуот хизмати раҳбари.

Оқибатда жабрланувчи шифохонага етказилган. Гумонланувчи воқеа жойидан қочиб кетган. Бироқ кейинроқ у қўлга олинган. Гумонланувчи Москвада яшовчи 60 ёшли эркак бўлиб чиққан.

Маълум бўлишича, гумонланувчи "Оса" тўппончасидан у билан тортишиб қолган эркакнинг бошига икки марта ўқ узган. У нима қилиб қўйганини англагач, тўппончани ташлаб қочиб кетган. Айни вақтда гумонланувчи терговчилар томонидан сўроқ қилинмоқда. Унга "Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш" моддаси бўйича айблов қўйилди.