Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги РИА Новости ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган хабарга ўзининг расмий раддиясини эълон қилди.

Гап шундаки, 2 кун аввал, Россия ахборот агентлиги сайтида, Ўзбекистон ва Хитой "Буюк ипак йўли" дастури доирасида ўзаро автомобил қатновини соддалаштириши хақида хабар қилинган эди. Унда, агентлик раҳбари Воҳид Исмоилов, РИА новости мухбирига берган интервьюсида, Ўзбекистон ва Хитой автомобиль қатновига оид янги битимни имзолаганини маълум қилгани айтилганди. Мақолада, шунингдек, Хитой ташаббуси билан амалга оширилаётган лойиҳа учун 40 миллиард долларлик инфратузилма жамғармаси ташкил этилгани ҳақида сўз борган.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ўз навбатида, ушбу хабарни рад этиб, агентлик раҳбари ушбу масала бўйича РИА Новости ёки бошқа ОАВ вакиллари билан учрашмагани ва шу мавзуда интервью бермаганини эълон қилган. Бу ҳақда, uz24.uz интернет нашри хабар қилмоқда.

Айни раддия чоп этилаётган вақтда, РИА Новости сайтида, интервью берган мулозим исми шарифи ўчирилган, аммо унинг сўзлари сақлаб қолинган эди.