Ўзбекистонда буюк саркарда ва давлат арбоби соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги муносабати билан “Амир Темур ғарб адиблари нигоҳида” деб номланган ноёб китоб чоп этилди, деб хабар бермоқда Sputnik нашри мухбири.

Ўзбек тилида ёзилган китоб “Давр Пресс” нашриёт-матбаа ижодий уйида 1000 нусхада чоп этилди. Унда Европанинг ўтган ва ҳозирги кунлардаги ёзувчилари ва адибларининг буюк соҳибқирон ҳақидаги фикр-мулоҳазалари тўпланган. Китобда Кристофер Марло, Вольфганг Гёте, Эдгар По, Хорхе Борхес, Иван Бунин, Льюсен Керен каби атоқли хорижий адибларнинг Амир Темур ҳақидаги сўзлари келтирилган.

Мулоҳазалар муаллифлари Амир Темурнинг кўп қиррали шахсини ёритганлар ҳамда унинг давлат ва миллатлар ҳаётида тутган тарихий ўрни ҳақида фикрларини билдирганлар. Улардан баъзилари соҳибқироннинг ҳаётидан аввал кенг жамоатчиликка номаълум бўлган қизиқарли воқеа ва далилларни келтирадилар.

“Лойиҳа ташаббускори, ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқшунос Акмал Саидовга бу китобни тузишига 20 йил вақт кетди. Китоб тайёрланиши вақтида нодир манбалар ва тарихий ҳужжатлардан фойдаланилди. Бу ишнинг яратилишидаги барча қийинчилик бир нечта хорижий тиллардаги матнларни тўғри таржима қилиб, уларнинг маъносини аслича етказишдан иборат бўлди. Шунинг учун китобнинг тайёрланишига тарихчилардан тортиб филолог ва тилшуносларгача тажрибали мутахассислар жалб қилинди. Шунингдек, охирги лаҳзада китобга рус мумтоз ёзувчиси Буниннинг Амир Темурга бағишланган асарлари киритилди”, деб айтди “Давр Пресс” бош муҳаррири Асрор Мўминов.

Китоб мутахассислар томонидан катта қизиқиш уйғотди ва унинг ададини ошириш режалаштирилмоқда.

Маълумот учун, Акмал Саидов – Ўзбекистон давлат арбоби ва ҳуқуқшунос олим, халқаро ҳуқуқ, давлат назарияси ва ҳуқуқи, инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги мутахассис. Акмал Саидов, шунингдек, ҳуқуқшунослик фанлари доктори, профессор, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази директори, Олий Мажлис депутати, Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси.

Акмал Саидов ўзбек ва рус тили билан бир қаторда инглиз ва француз тилларини мукаммал билади. У Ўзбекистоннинг Франциядаги биринчи элчиси ҳамда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили бўлган. 2007 йилда Ўзбекистон президенти лавозимига мустақил номзод сифатида номзоди қўйилган.